среда, 11 ноября 2015 г.

25 ноябрь - Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни
ҚАЁН БОРМОҚДАСАН, МУҲТАРАМ ИНСОН?
Ёхуд Тўра Муроднинг “Қаён бормоқдасиз, муқаддас аёл?” мақоласини ўқиб

“Эркаклар аёллар ҳақида кўнглига келганини гапирадилар, аёллар эса эркаклар билан кўнглига келганини қиладилар”.
София СЕГЮР

Инсонларнинг эркак ёки аёл эканликлари жинсларига кўра фарқланади. Бироқ жинсий ва биологик фарқлар уларнинг маънавий, ахлоқий ёки ижтимоий фарқларини билдирмайди. Демоқчиманки, аёл ва эркак, деб фарқлаш фақат жинсга нисбатан ишлатилса, тўғрироқ бўлади, ахлоқий, маънавий фарқлар мезони эса бошқа сифат ва хусусиятлар билан белгиланади.
Мен “Бекажон” газетасининг 29 октябрдаги 87 сонида берилган таниқли ёзувчи ва публицист Тўра Муроднинг “Қаён бормоқдасиз, муқаддас аёл?” сарлавҳа остида берилган муаммоли мақоласини ўқиб шундай хулоса қилдим. Мақола ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни кузатиб, мавзуни танлаганда муаллиф тафаккур тошини анча чархлаганига амин бўлдим. Унга нисбатан баҳо бериш журналистика этикасига у қадар мос келмаслигини инобатга олиб, фақат муносабат билдириб, фикрлар тўқнашувидан келиб чиққан фикр ва хулосаларимни баён қилишни лозим топдим.
Муаллиф щз мақоласида “Ислом келди. Аёлларга кўплаб ҳуқуқлар берилди, аёлнинг қадри, қиммати айрим ҳолларда эркакникидан ҳам баланд кўтарилди.” деб ёзадию бироқ аниқ аргументни келтирмайди. Эҳтимол Қуръон сураларида аёлларнинг шаъни, ҳуқуқлари ва мавқелари ҳақидаги оятлар юқоридаги сўзларга далил бўла олар. Бироқ, археолог ва шу соҳага яқин олимларимизнинг тадқиқот натижаларига кўра, бизнинг ҳудудларимизда аёлларнинг ҳуқуқлари анча йиллар олдин, “Авесто” яратилган даврлардаёқ мавжуд бўлган. Масалан, зардуштийлик китобидаги готларнинг бирида “Эй Зардушт, сен ўз йўлинг ва ҳаётинг давомида ҳамроҳингни, (яъни аёлингни) унутма ва унинг фикрини инобатга ол” деб айтилади. Бундан ташқари қадим ўлкамизда Тумарис каби жасоратли аёлларимизнинг ҳокимият тепасида бўлгани, лидерлик кўрсатгани, ўша вақтдаёқ аёл жинсига нисбатан маълум маънода озодлик ва эркинлик бўлганини билдиради.
Аслида муаммо бунда эмас, балки аёлларнинг маънавий савияси ва ахлоқий даражада эканлиги кейинчалик муаллиф томонидан фактлар асосида айтилади. Менимча Тўра Муроднинг муҳокамага қўйган масаласи жуда долзарб, бироқ унга қандай йўл билан муносабат билдиришга кўп гап бор. Муаллиф бир мақоланинг ўзида аёллар, аниқроғи Генгдер масалаларига оид бир қанча муаммоларни ўртага ташладию, бироқ унинг ечимини ўқувчининг ўзига ҳавола қилди.
“Қаён бормоқдасиз, муқаддас аёл?” мақоласига фикр билдирган элимизга таниқли ва суюкли бўлган ижодкор Турсуной Содиқова мақолаларида бир жумла бор: “Шўро берган тенг ҳуқуқлилик эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ҳаётида шум “инқилоб” ясади-аёллар эрлар бажарадиган юмушларни бажаришга ўтди, эркаклар эса гангиб қолдилар.” Аслида шундайми? Бу ҳам мулоҳаза ва муносабатни талаб этади.
Мен баҳсталаб мақолани ўқиб, гап фақат инсоннинг жинсида эмас, балки унинг ахлоқий ва маънавий фарқларида бўлиб, бу борада биз эркаклар ҳам бегуноҳ эмас, деган хулосага келдим. Шу маънода баъзи бир инсонларда юзага келаётган маънавий қашшоқлик ва ахлоқсизликнинг илдизлари, ривожланиши, салбий оқибатлари ва уни бартараф этиш йўллари ҳақида баъзи бир маълумотлар асосида мавзуга ойдинлик киритмоқчиман.
Аёл ва эркак – тенг ҳуқуқлидир

“Менинг ишим тғрисни гапириш, унга ишонтириш эмас”
Жан Жак РУССО.
Тўғри, бу сизга янгилик эмас. Бироқ унутмангки, бу тенгҳуқуқлилик шунчаки бирданига пайдо бўлиб қолгани йўқ. Гап шундаки, кучли жинс вакиллари кучсиз жинс вакилларига нисбатан асрлар давомида ўз тазйиқ ва таъсирларини кўрсатиб келишди. Натижада жамиятда хўрланган, зўравонлик қурбони бўлган, ҳуқуқларидан бенасиб қолган аёллар сони кўпайди, бу ўз навбатида жамиятнинг тараққиёти ва истиқболига ўз салбий таъсирини кўрсатди. Оқибат ижтимоий тузумлар ўзгариши билан инсон ҳаётига бўлган муносабатлар ҳам ўзгариб, қонунсизлик, яъни қадр-қимматни поймол этиш каби кўплаб салбий ҳолатларга нисбатан норозилик туйғуси шакллана борди ва натижада адолат, аёл эркинлиги, ҳуқуқини эътироф этиш ғоялари етила бошлади. Бу эса, аёлларнинг ҳам эркин яшашга ҳақли инсон экани, жамият тараққиётида ўз ўрнини топиши зарурлиги ғоясини вужудга келтирди. 1789 йилда француз файласуфи Ж. Кондорининг «Аёлларга фуқаролик ҳуқуқини бериш ҳақида»ги мақоласи чоп этилиб, унда аёл ҳам жамиятнинг аъзоси, ҳам миллатнинг бир қисми экани ҳақидаги фикр­лар баён этилди. Шундан сўнг 1791 йили Олимпия де Гуж томонидан тайёрланган «Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси»да ҳам аёлларнинг эркин фикрлаши ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга экани очиқ эътироф этилди. Ушбу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади.
1945 йилдан бошлаб аёллар ҳуқуқи халқаро ҳуқуқ томонидан тартибга солинувчи муҳим объектлардан бирига айланди. БМТ Низоми эркаклар ва аёллар тенглигини умумий шаклда мустаҳкамлади. Бу ҳуқуқлар 1048 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклорациясининг 16 моддасида эркак ва аёлнинг никоҳ масаласидаги тенглиги ҳақидаги қоидада ўз аксини топди. Ўзбекистон Республикаси деклорацияни ратификация қилган ва Конституциямизнинг 18 моддасига биноан мамлакатимиз фуқаролари жинсидан қатъий назар қонун олдида тенгдир.
Истиқлол йилларида қабул қилинган қонунларимизда аёл ҳуқуқларига инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қарала бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар»  дея эътироф этилиши мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишининг ҳуқуқий кафолати белгиланганидан далолат беради. Фахр билан эътироф этиш лозимки, мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини кафолатловчи мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида»ги Қонуни, 1997 йил 30 август­да «Тенг қийматли меҳнат учун ҳақ тўлаш тўғрисида»ги халқаро конвенциянинг мамлакатимизда ратификация қилиниши, Президентимизнинг 1995 йил 2 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизлар ролини ошириш тўғрисида»ги, 1999 йил 17 мартдаги «Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбир тўғрисида»ги, 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари, шунингдек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ҳамда «Тадбиркор аёл» уюшмасининг «Ишсиз деб эътироф этилган хотин-қизлар учун ўқув курсларини ташкил қилиш тўғрисида»ги қўшимча буйруғи ва аёллар ҳуқуқига оид яна 60 дан ортиқ халқаро конвенция, битим ва шартномаларнинг имзолангани ушбу фикримизнинг ёрқин далилидир.
Юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатлар ва асосларни келтиришдан мақсад, биз бугун мазкур имконият ва шароитлардан қай даражада фойдаланаяпмиз. Унутмаслик керакки, эркинлик билан ҳамиша масъулият ва бурч ёнма-ён бўлмоғи керак, акс ҳолда берилган эркинлик фақат эгоизм, идеализм каби салбий муносабатларга хизмат қилади. Ҳа айтганча, яна бир қизиқ томони юқорида жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг барчасини деярли эркаклар овозга қўйиб тасдиқлашган.

Муаммонинг иккинчи томони

Эркак муҳаббати – аёл гузаллиги ва ёшаришига энг яхши дори
Аёл муҳаббати эса эркакнинг куч-қудрати ва муваффақияти гарови
Биз айблаётган аёлларнинг хато ва гуноҳларида биз эркаклар ҳам масъул ва жавобгар. Айнан жавобгарлик ва масъулиятсизлик сабаб баъзи бир аёлларимиз ўзлиги йўқотишмоқда. Чунки оиланинг сарвари ҳам раҳбари ҳам эркак. Келинини хизматкор сифатида кўрадиган қайноналар, аёлини одам ўрнида эмас, балки уй юмушларини бажарувчи тирик машина сифатида кўрадиган эрлар, сохта ошиқларнинг қуруқ ваъдаларига алданган қизлар, муҳтожлик сабаб таҳқирларга чидайди, деб билган кимсалар ҳам аёлларнинг йўлларидан адашишларига сабабчи бўлишади. Бироқ бундан аёл мажбур бўлса, ҳамма ишга қўл уриши керак эканда, деган хулоса чиқариш ҳам тўғри эмас.
Бугун янги асрда инсон тафаккури янги цивилизация ўчоғини очиш қудратига эга бўлган бир даврда ҳамон кучли жинс вакиллари орқали хўрланиш, зўрланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, дунёдаги аёлларнинг 35,6 фоизи жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келади ва бу одатда уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан амалга оширилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ўтказилган тадқиқот натижаси ана шундай. БМТ таъбирига кўра, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик – аёлларга жисмоний, жинсий ёки руҳий зарар берадиган ёхуд аёлларнинг азият чекишига сабаб бўладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатдир. Хўш, айтингчи, бу каби иллатларнинг авж олишиги кўз юмиб ўтаётган ёки бевосита унга ҳамроҳлик қилаётган эркакларни нима деб аташ мумкин?
Баъзи бир давраларда ошноларимиз ўз турмуш ўртоқларини кун бўйи уйда ўтиришидан мақтаниб, “келинингизни умуман кўчага чиқишга қўймайман, аёл кишига кўчага чиқишни ким қўйибди...”, “умуман ишламайсан...дедим, хўп деди” деб гапиришади. Бунда қандай маъно –мазмун бор? Турмуш ўртоғининг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб яна мақтанишини қандай баҳолаш мумкин? Энди тасаввур қилинг вақт ўтиб, уша чегаралар бузилиб, аёлга тўсатдан эркинлик берилса, ишлашга, кўчага юришга имкон пайдо бўлса, у қандай аҳволга тушиб қолади? Буни ўзимча ўтмишдаги одамнинг ҳозирги замонда шаҳарда тушиб қолгандек ҳайратию ҳаяжони ва руҳий кризиси билан тасаввур қиламан. Ижтимоий муносабатларга фаол бўлмаган, жамоатчиликка қўшилмаган аёл, она эртага фарзандини қандай тарбиялайди, турмуш ўртоғини қандай тушунади? Эҳтимол ўзига ёки ёрига ишончи кучсизлигидан ўша эркаклар фарзандарининг бўлажак оналарини “уйга  қамаб қўйишади”. Унутманг, уйида кун бўйи қамалиб ўтирадиган инсон ўз шодлиги, дарди ва изтиробини фақат телевидение, интернет воситаларидан излашга уринади. Натижада телевидение орқали эшитган ва кўрган нарсаларига ишониб, ҳаёт шу эканда” деган хулосага келади. Ваҳоланки, виртуал олам билан реал оламнинг фарқи анча. Энди тасаввур қилинг, хориж сериалларию фильмлари ва кўрсатувларини берилиб кўраётган аёллар бу вазиятда қандай ҳолатга келиб қолишади?! Бу тахминий гап эмас. Инсоннинг ахлоқсизлиги бугунги маънавий таназзулига айнан телевидени, интернет ва шу каби видеотасвирлар сабаб бўлаётгани ўз исботини топган бу ҳақда кейинроқ яна тўхталамиз.

Ахлоқсизлик негизи - ўзликни унутишда

Кеча мен билимдон эдиму дунёни ўзгартирмоқчи бўлгандим, бугун эса доно бўлиб ўзимни ўзгартиришга аҳд қилдим.
Миллий ўзлигини, аёллик нафосатию садоқатини унутган кишилар жамиятга фақат салбий таъсир кўрсатади. Ачинарли томони, соғлом фикрловчи, ҳалол ва маънавияти юксак инсонлар ҳам улар билан бир жамиятда, инсоният оламида яшашади. Улуғ мутафаккир Жалолиддин Румий айтганларидек, яхши ҳам ёмон ҳам ўзимиздан.
Гап шундаки, биз аввало ўзимизни тарбиялашимиз керак. Ҳар бир инсон ўзи учун ўзи муаллим бўлиши лозим. Бироқ унга ўқув дарсликлар ва ўқув қуролларни берганда сергакрок, ҳушёрроқ бўлиш талаб этилади. Яъни бугун биз қайси ахборот ва маълумотлардан озиқланаётганимиз ҳаётимиз, келажагимиз учун ҳам жуда муҳим.
Тўра Мурод айтган баъзи бир аёлларнинг енгилтаклигию ҳаёсизлигининг туб моҳияти ҳам шунда. Ғарб оламига кўр-кўрона тақлид, европача вақтинчалик лаззат ва ишратда яшаш бизнинг жамиятимизга ҳам кириб келмоқда. Аслида бугун Ғарбда ҳам ахлоқий таназзул ва маънавий қашшоқлик авж олганини, уни бартараф этиш учун цивилизация учқуни бўлган яна Шарққа қайтиш лозимли ғарбликларнинг ўзлари томонидан ҳам айтилмоқда. XX аср ибтидосида машҳур немис социологи Макс Вебер «келажакда бутун ижтимоий фаолият мақсадли рационал фаолиятга айланиши, бунда инсоний қадриятлар ўз кучини йўқотиб, ҳар бир ҳатти-ҳаракат калкулацияга ташланувчи манфаатларга бўйсуниб қолиши» ҳақида ёзган эди. У ўша даврдаёқ инсоний фазилат ва руҳиятлар билан ноўрин муносабатда бўлинаётгани, ҳар бир ҳодиса воқеани манфаат асосида талқин этишини, маънавий озуқага жамият тобора кўпроқ муҳтож бўлаётганига ишора қилган эди.
Марк Вебернинг фикрига ҳамоҳанг тарзида яна бир жамиятшунос олим Георг Зиммел жамиятни таснифлаб, ундаги маънавий-руҳий ҳолатнинг беқарорлиги ва қадрият категорияларининг бузилганлигига ишора қилиб, келажакни ҳар қандай нарсани сотиш ва сотиб олиш мумкин бўлган ёввойи бозорга ўхшатади. Баҳолаш мезонларининг бузилганлиги ўша даврдаёқ кузатилгани юқоридаги фикрлардан ҳам аён. Бу ҳолат бугунги кунга келиб айниқса Ғарб мамлакатларига авж олмоқда. Сабаби ижтимоий-иқтисодий жараёнларда барқарорликни сақлаш учун курашган мамлакатлар ҳаётий тажрибаларида маънавий-руҳий эркинлик ва комилликка муҳтожлик сезилмоқда.
Бу тахминий ёки тасодифий хулоса эмас. Гап шундаки ўтган аср охирлари ва XXI асрнинг дастлабки йилларида Ғарб цивилизациясида жамиятнинг маданий ва маънавий - ахлоқий жиҳати оқсаётгани, бу эса ўз навбатида салбий оқибатларини кўрсатаётганини асослашга уринаётган турли концепциялар вужудга келди. Аслида бундай ёндашув европалик файласуфлар Отто Шпенглернинг «Европанинг сўниши» (1922 йилда ёзилган), Эрих Фроммнинг «Эркинликдан қочиш» (1941), «Умидлар инқилоби» ( 1968), Дониел Беллнинг «Мафкуранинг емирилиши» (1960) каби асарларида ўз аксини топган эди.
Бу интилиш ва жамиятнинг келажакдаги маънавий-ахлоқий таназзулини бартараф этиш «чақириғи» сўнгги ўн йил ичида янада кучайди. Таниқли олим Жак Барзумнинг «Ёруғликдан зулмат сари: Ғарб маданий ҳаётининг 500 йиллик тарихи» (2000), Френсис Фукуяманинг «Тарих интиҳоси ва сўнгги одам» (2004), файласуф ва журналист Патрик Бьюкененнинг «Ғарбнинг ҳалокати» (2002) ва бошқа кўплаб асарларнинг ёзилиши ва кенг ўрганилиши шундан далолатдир. Айниқса, глобаллашув жараёнида бу ҳолат кескин тус олди. Натижада «оммавий маданият» ибораси остида ахлоқсизлик, маданиятдан узоқлашиш ва аслиятнинг емирилиши каби жараёнлар илмий тадқиқот обьекти сифатида ва кенг жамоатчилик томонидан ўрганила бошланди. Оммавий маданиятни Ғарб маданияти билан боғлиқ ҳодиса деб тушуниш, шунингдек, уни ғоясизлик, сифатсизлик ва дидсизлик намунаси сифатида баҳолаш кенг тарқалган»и ҳам айтилди.

Эгоист аёл она бўлолмайди

Донишманд табиб қўлидаги заҳар µам фойдали. Агар ахмоқ іґлидаги асал бўлса ҳам бу асалдан синаб кўриб фойдадан.
Расул ҒАМЗАТОВ. 
Тўра Муроднинг мақоласида гурҳ бўлиб айш-ишрат қилаётган аёллар ва уларнимнг хатти-хҳаракатлари келтирилган. Яъни маълум бир аёллар бугун эрларини чет элга жўнатиб, ўзлари бемалол “озодликдан”  фойдаланишмоқда, бошқача айтган, бир бор яшайсанки, айшингни сур, деган шиор асосида яшамоқда. Бу нақадар инсонийликдан, аниқроғи оналикдан узоқ эканлигини минг йиллар давомида ҳаётий тажрибалар кўрсатиб келган. Шундай бўлса-да, худбинлик, “янгича” яшашни кашф этишга уринаётган баъзи бир аёлларимиз енгил ҳаётни орзу қилмоқда. Бироқ бахт ва муваффацият замирида оғир ва узоқ меҳнату машаққат мужассам. Оналикнинг энг биринчи сифати ва хусусияти – фидойилик! Фидойиликда эса худбинлик бўлмайди. Демак, худбин аёлни она деб бўлмайди. Шунинг учун бугун Ғарбда бола кўриш ва уни парваришлашга майл-рағбат сўниб бормоқда. Сабаби фойда орқасидан қувиш. Ўзинигина ўйлайдиган аёл оналик азоби ва машаққатини билиб, фарзанд кўрмасликка, болали бўлса-да, уни бировнинг кўмаги ва ёрдамида парваришлашга уринади. Айнан ғарбнинг баъзи бир мамлакатларида нима учун оналик бахти муаммоли эканлигини Патрик Бьюкененнинг «Ғарбнинг ҳалокати» китобида шундай изоҳлайди: Туғилиш даражаси энг паст йигирма миллатдан ўн саккизтаси европа миллатларига мансуб. Ўртача туғилиш даражаси бу минтақада 1,4 гача тушиб кетган. Ваҳоланки, аҳолининг ҳозирги миқдорини сақлаб қолиш учун бу кўрсаткич камида 2,1 коэфициентга тенг бўлиши шарт. Акс ҳолда, орадан ҳеч қанча вақт ўгмай, НАТО зиммасида кексалар ва нафақахўрларнигина ҳимоя қилиш вазифаси қолади, холос.
Мавжуд маълумотларга кўра, туғилишнинг ҳозирги даражаси сақланиб қоладиган бўлса, йигирма биринчи асрнинг охирига бориб Европа аҳолиси 30 фоизга камайиб, 207 миллион нафар кишини ташкил этади, Хуллас, Ғарб тамаддунининг бешиги унинг мозорига айланади.
Хўш, бундай аянчли вазият вужудга келишининг сабаблари нимада? Улардан бири — Европа интеллектуалларининг бир неча авлоди учун гўзал ва жозибали идеал бўлиб келган социализм ғоясидир. “Ўзингиз ўйлаб кўринг, — деб ёзади Жон Хопкинс университети ходими доктор Жон Уоллес, — агар ҳар бир одамга давлат нафақаси кафолатланадиган бўлса, қартайганда ўзига хос суянч бўлган фарзандларга ҳожат қоладими? Ёхуд иқтисодий жиҳатдан ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли миқдорда даромад топадиган аёл учун турмуш қуриш чинакам ҳаётий мақсадга айланиши мумкинми?».
Бизнинг миллий қадрият, инсоний фазилатларимиз бу қадар худбинлик ва вақтинчалик ҳою ҳавасга берилиб яшашга ўрин қолдирмайди. Шунинг учун ҳам рўзғорини, ҳам ишини уддалаб, бахтли ҳаёт кечираётган аёлларимизни шарафлашимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз керак.
Хулоса

Кимгадир яхшилик қилсангиз, бу аввало ўзингизга яхшилик қилган бўласиз.
Бенжамен ФРАНКЛИН
Инсон, хоҳ у аёл бўлсин, хоҳ у эркак фақат ўзигагина эмас, балки жамиятга ўзгаларга яхшилик қилибгина ўзини бахтли ҳис этади. Бу тиббиёт томонидан ҳам тасдиқланган бўлиб, агар инсон умри давомида қанчалик кўнгли соф, бағрикенг бўлиб, бировга ўрдам қўлини чўзиб яшаса, нисбатан узоқ умр кўрар экан.
Бизнинг фаровон ва бахтиёр яшашимизў учун мамлакатимизда барча шароит ва имкониятлар муҳайё. Фақат мавжуд шароит ва имкониятлардан тўғри фойдаланишимиз, шундай доруломон ва тинч-осойишта кунларга шукроналик ҳисси билан яшашимиз керак. Айтганча, шукр қилиш бобида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи муҳсиний” асарларида шундай сўзлар бор: Бахтнинг баландлиги ва давлат улуғлигининг шукри давлат ҳудудида йиқилганларга раҳм қилишдир. Хазина тўла бўлганининг шукри садақа бермоқ ва ҳақдорларга ҳаіини етказишдир. Қудрат ва қувватнинг шукри ожиз ва заифларга жафо қилишдан қўлни тортишдир. Соғу саломатликнинг шукри ситам ранжидан бемор бўлганларга адолат доираси билан шифо етказишдир...Баланд иморат ва жаннат сифат боўларнинг шукри одамларнинг маскан ва манзилларига лашкару сипоҳ тушиб, хароб қилмаслигидир. Шукрнинг хулосаси шуки, ғазаб ўти шуъла урганда ва ўз мақсади ғаразли бўлганда, доимо халқ томонини олиш ва халқнинг тинчлиги ва осойишталигини ўз тинчлиги ва осойишталигидан устун қўйишдир”. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятини англаган ва тушунган инсон ўйлайманки, қаён бораётганини билади ва манзили бахтли, бардавом бўлади.

Муҳтарам Президентимизнинг яқинда нашр этилган «Она юртимиз бахту иіболи ва буюк келажаги йґлида хизмат іилиш - энг олий саодатдир» китобларидаги қуйидаги сўзлари билан сўзимга хулоса қилмоқчиман: Аёлларимизнинг турмуш тарзини енгил қилиш борасида биз учун майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлмайди ҳам. Аёлнинг кайфияти яхши бўлса, аёл ҳаётдан рози бўлса, оила ҳаётдан рози бўлади. Агар оила рози бўлса, маҳалла, бутун эл-юрт рози бўлади. Аёлларимиз рози қилайлик.
Баходир РАҲМОНОВ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий