суббота, 14 ноября 2015 г.

Суннат тўйидан… репортаж

Одатда, репортажда бирон воқеа-ҳодиса жойидан, корхона-ташкилот ва ҳоказолар фаолияти, жараён тўғридан-тўғри ёритилади. Репортаж давомида факт-рақамлар келтирилиб, ўқувчига ахборот етказилади. Аммо қуйида, яқинда ўтказилган тўйлардан биридан тайёрланган репортажни газета саҳифаларида беришдан мақсад… Яхшиси, буни репортажни ўқигач, хулоса қилиб олганингиз маъқул. 
Чамаси уч юз кишилар йиғилган базмгоҳдаги чиройли безатилган стол устидаги нозу неъматлар ақлни шошириб қўяди. Сал вақт ўтиб саҳнага тўй бола таклиф этилди. Ёшу қари болакайни ўрнидан туриб, қарсак чалиб кутиб олишди. Тўй бола пойига катта гилам тўшалди. Гилам ҳам оддий эмас экан, унда боланинг сурати акс эттирилган. Тўй бола гилам устига югуриб келади, деб ўйласак, уни махсус қурилган тахтга ўтқазиб олиб киришди. Саҳнанинг ўртасида тўй бола тахтдан тушди.
 
Шундан сўнг ота-онаси, бобо-бувилари бирин-кетин саҳнага таклиф қилинди. Зўр томоша шунда бошланди. Ота томонидаги бобоси набирасининг бошидаги салласига «кўки»дан қистирди. Бунга жавобан она томонидаги бобоси набиранинг салласига ўша «кўки»дан иккитасини қистирди. «Икковларингдан ҳам мен зўр» дегандай тўй боланинг отаси ўғлининг устидан бир даста пулни ёғдирди. Саҳна тўполон бўлди, ҳамма пул йиғиш билан овора. 

Сал кейинроқ саҳнадаги буви жимлик сақланишини эълон қилиб, набирасига атаб беш хил сарпо тайёрлаб келганини, уни ҳозир суюкли набирасига кийдирмоқчи эканлигини айтди. Биринчи сарпо «султонлар либоси» дея номланар экан. Бола у кийимни кийишни истамай, хархаша қилди. Устидаги кийимларини ечиб улоқтира бошлади. Кўриниб турибдики, бу томошаларнинг асл моҳиятини англашга ёшлик қилаётган болага «Маросим» ёқмаяпти. Буви эса тайёрлаб келган сарполарни энди ким кўради дея, набирасининг ортидан эргашди…

На кулишингизни биласиз, на куйишингизни…  Энг ёмони, базмда ўтирганларнинг ҳаммаси тўй эгаларининг хурсандчилигига шерик, деб бўлмайди. Ўз фикр-ишлари билан банд инсонлар, мажбуриятдангина келганлар кўп бўлса керакки, бир соат ўтмай тўйхонада одам сийраклашди. Қизиқ, шундай экан, бундай тўйлар қариндошлар орасида, уйда ўтказиб қўя қолингани маъқул эмасмикан… Тўйдан ёзилган репортажни қоғозга туширарканмиз, ундан чиқарган  хулосамиз шундай бўлди.
Баҳодир РАҲМОНОВ,
Камола МАҲМУДОВА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий