суббота, 10 октября 2015 г.

МУСИҚА ОЛАМИДАГИ «ҲУСНБУЗАРЛАР»

Маънавий тарбия воситаси

Боғчадан шодон келиб ўзини бувисининг қучоғига отган қизим янги қўшиқ ўрганганини айтиб мақтанди. қўшиқда шундай сатрлар бор:
«Дунёга тинчлик керак...
Тинчлик керак бизларга...
Тинчлик керак дунёдаги

Барча ўғил-қизларга!»

Қўшиқдан ва унинги матнидаги сўзлардан тўлқинланиб кетдим. Уни ўргатган боғча опасига минг раҳмат, дедим. «Мана бу тарбия, маънавий юксалиш дебочаси», хулоса қилдим ўзимча. Шу пайт Президентимизнинг «Юксак маънавият - енгилмас куч» асарида ёзган «Энг муҳими, бугунги кунда мусиқа санъати навқирон авлодимизнинг юксак маънавият руҳида камол топишида бошқа санъат турларига қараганда кўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатмоқда», деган сўзлари ёдимга тушди. Юртбошимизнинг ана шу эзгу ғоялари туфайли боғча ёшидаёқ санъат, мусиқа ва спорт сирлари болаларимизга ўргатилмоқда. Бу албатта ёш авлоднинг маънавий етук, руҳан тетик ва жисмонан соғлом бўлишига замин яратади, эзгулик томон тарбиялайди.

«Дижей»нинг қўшиғи

Қизимни сайрга олиб чиқдим. Истироҳат боғида байрам, хурсандчилик, куй-қўшиқлар авжида. Магнитофон орқали қўшиқ қўйилаётган майдонга яқинлашдик. Болажонларимиз қувнаб рақсга тушаяпти... Бироқ мусиқа матнини эшитиб кайфиятим тушиб кетди. Унда шундай сатрлар бор:
«Хей-я, тўхта, етиволсам еб қўяман...
Юрагимни ёндирма, ҳазиллашмадим, еб қўяман...»
Такрор айтилаётган бу сўзлардан қанча уринмай, ҳеч қандай маънавий тарбия ёки маърифий сўзларни тополмадим. қизиғи, бу сўзларни болажонлар жўр бўлиб айтишяпти, менинг қизим ҳам.

Ўйланиб қолдим, биз болажонларимизга қандай қўшиқларни эшиттираяпмиз. Атрофга қарасам, ўша қўшиққа ўйнаётган болаларини кўриб ота-она ҳам хурсанд. Кейин қўшиқ қўяётган йигитдан (уни «Дижей» дейишаркан) бу қандай қўшиқлиги, уни ким куйлаётганини сўрадим. Ёш хонанда Зуҳриддин Баҳриддиновнинг «Қизил шапкача» қўшиғи экан. Бу қўшиқ билан хонанда нима демоқчи? Тингловчилар ундан қандай маънавий озуқа олиши мумкин? Кўчада, истироҳат боғида хоҳлашганини қўйишадида, деб ўйладим (ваҳоланки, истироҳат боғларида, мусиқали фонтанларда ва бошқа маданий жойларда қўйиладиган мусиқалар назорат қилиниши лозим). Кечга яқин худди «Мана, кўриб қўйинг», дегандек, бояги «Қизил шапкача» «Navo» телеканали орқали янграётганини, унга яна клип ҳам ишланганини кўриб ҳайратдан донг қотдим. Сўнг яна мулоҳаза қилдим: эҳтимол, мен бу қўшиқлар моҳиятини тушунмаётгандирман.

Саёз мазмунли қўшиқдан нима кутамиз?

Биз фарзандларимизни миллий қадрият ва анъаналар, ахлоқий меъёрларга ҳурмат руҳида тарбиялашга минг уриниб, ўзимиз уларга тўлиқ шароит яратмасак, қандай бўлар экан. Ваҳоланки, бугун ўзлигимизни англаш, баркамол авлодни вояга етказиш, ҳар хил маънавий таҳдидларга қарши курашиш учун Президентимиз раҳнамолигида давлат даражасида эътибор қилинган. Бу йўлда анчайин амалий ишлар ҳам қилинмоқда, маълум ижобий натижаларга ҳам эришилмоқда. Бироқ бунга билиб-билмай соя солаётган баъзи бир ҳолатларни қандай изоҳлаш мумкин? Демоқчиманки, бир ёш мурғак қалбнинг маънавияти ва руҳиятига салбий таъсир этувчи қўшиқ, клип ва ахборотни жамиятга очиқ-ойдин тарғиб қилаётганларга қандай муносабат билдирилмоқда? Ваҳоланки, бунинг олди олинмаса, савияли қўшиқ, куй қулоғимизга янграмай, фақат поп-мусиқа, яъни «оммавий маданият»ни тарғиб этувчи қўшиқлар куйланса, такрор эшитилаверса, биз фарзандларимиз олдида, уларнинг саёз маънавияти олдида жавобгар бўлиб қоламиз.

«Поп-музика» нима?

Бугунги кунда айрим савиясиз қўшиқлар-у мазмунсиз шеърсифат сўзлар (уларни шеър деб ҳам бўлмайди) ҳақида юртдошларимиз, ОАВ ва бошқа соҳа вакиллари томонидан кўплаб танқидий фикрлар билдирилмоқда. Шунинг баробарида асл санъат, мусиқа ва оҳангни мактабларда ва бошқа таълим даргоҳларида ҳам ўргатишмоқда. Шундай бўлса-да бу борада танловда адашаётган томошабин ва қўшиқ шинавандалари ҳам йўқ эмас.

Анча асрлар аввал улуғ бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний мусиқа, оҳанг шеър ва уларнинг уйғунлиги борасида шундай сўзларни билдирган: «Оҳанглар  руҳга (қалбга) тартибга туширилган, шаклга киритилган бўлгандагина кучли таъсир қилади: чунки руҳ (қалб) тартибга кирган нарсани тезроқ қабул қилади ва шунинг учун ҳам у шеърга туширилган нарсани осон илғайди ва шу сабабли у шеърга кўпроқ интилади, чунки шеър низомли (тартибли)дир: аммо у мусиқа билан оҳанглаштирилган шеърларга янада кўпроқ майл қўяди, негаки (бунда) шеърнинг тартиби оҳанг мутаносиблиги (гармонияси) билан уйғунлашган бўлади». Афсуски, бугун бу ҳақиқатни англамаётган, аксинча пул ёки бирор манфаат учун енги-елпи қўшиқлар куйлаётган хонандалар кўп.

Айтиш жоизки, кўпчилик ҳаваскор хонандалар ўзлари билмаган ҳолда поп мусиқани, унинг замирида «оммавий маданият»ни тарғиб қилишмоқда. Манбаларга кўра, «Оммавий маданият»да «поп (оммавий)-музика» алоҳида ўрин тутади. «Поп-музика»ни «янги рок» белгилайди. «Янги рок», таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир. Яъни, жазавали ритм, зарб, шовқин бу мусиқанинг асл қиёфасидир. У тинглашга, қалбдан ҳузурланишга эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. Умуман айтганда, «поп-музика» ижрочилиги кўнгилочар мусиқа ниқоби остида оммавий васвасали, шайтоний талвасали, бадахлоқ рақслар, кўпинча охири жанжал, ур-йиқит, ваҳшийликларга бориб етадиган агрессив дискотека шоуларини уюштириш билан ажралиб туради.

«Поп-музика» намояндалари ўз «оммавий»ликларини таъкидлаш учун саҳнадаги хатти-ҳаракатлари ва кийим-либослари намойишида ҳам - одоб-ахлоқ, жамиятга эҳтиром туйғуларини рад этиб, асосан кўча, оломончилик қонун-қоидаларига амал қиладилар. Ва ўзларининг кулгули даражада ажралиб турадиган шундай рафторларидан фахрланадилар. Афсусланарли томони шундаки, бундай ҳолатларни «поп-музика»чилар санъатдаги демократизмнинг, халқчилликнинг тантанаси, деб билишади. Ваҳоланки, бундай жараён фақат маънавий қашшоқлик, ахлоқий таназзулга, шунингдек, инсоннинг ўзлигидан бегоналашувига, руҳиятининг бузилишига хизмат қилади.

Ҳавойи қўшиқлар куйчилари саҳнада ўзларини безорилардай тутиши санъатни ва санъаткорликни ерга уради. Бу эса ҳайрон қоларли эмас: чунки асл санъатни ерга уриш - «Оммавий маданият»нинг дастурий, яъни ўз олдига мақсад қилиб қўйган вазифаларидан биридир. «Поп-музика» намояндалари ижро этадиган қўшиқ матнлари шеъриятнинг оддий талабларига жавоб бермайди. Улар кўпроқ кўчада мавжуд беҳаё, жаргон ибораларга - қадриятларни, инсоний эзгуликларни киноя, мазах қиладиган сўзларга асосланган бўлади.

Тумтароқ оҳанглар ва бемаъни шеърлар

Бизнинг санъат ва маданиятимиз асрлар давомида инсоният цивилизацияси тараққиётида муносиб ҳисса қўшиб келган. Ундаги ўзига хослик, миллийлик, маънавий юксаклик ҳам ҳали-ҳануз кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Бу жараён, айниқса, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалида ҳам ёрқин намоён бўлади. Айнан Ўзбекистон заминида бундай нуфузли мусиқа фестивалини ўтказилишининг ўзи биздан санъат ва маданият қанчалик юксалаётганидан, унинг илдизлари эса узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради.

Афсуски, ўзимизга хос санъат йўналишимизга «эскирган» йўналиш деб қараб ўзини замонавий деб тутиб, қолипга сиғмас қўшиқларни куйлаётган баъзи бир ёш хонандалар бугун менимча, санъат дарсларини мусиқа сабоқларига муҳтож. Чунки айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг шинавандаларга тақдим этаётган қўшиқлари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Бу ҳолат эса чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди. Айниқса, миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир янгича услуб деб билаётгани санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмас. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Масалан, «Уммон» гуруҳи томонидан ижро этилган бир қўшиқда шундай сўзлар бор:
«Мани муҳаббатим севгингга зор,
Кўзларим кўзингга интизор.
Нега кўйлагинг кенг эмас, тор,
Менимча бугун байрам бор».

Аввалги икки сатрда мантиқсизлик бор, яъни «муҳаббат севгингга зор» эмиш. Хонандалар агар муҳаббат ва севги категориялари ҳақида озгина илмий тушунчага эга бўлганларида бу қўшиқни эҳтимол куйлашмасди. Охирги икки сатр эса ҳаммасидан ошиб тушади, яъни тор кийим кийиш бу байрам белгиси?! Яна бир таниқли хонанда Жасур Умировнинг «Вай-вай» қўшиғидаги сўзларга эътибор қаратсак:
«Баҳорда ёмғир сочилиб, 
Қара, кетибсан очилиб, 
Сани кўра олмаганлар,
Доим юради гапириб.
Дугоналаринг жим ўтирсин
Ундан кўра эрга тегсин
Улар соддалигинг билар
Кўрасан бизни айирар».

Бу қўшиқ матнини ким ёзган ва бу билан у нима демоқчи? Ачинарлиси, бу каби қўшиқларда яна шеър муаллифлари ҳам ёзилади. Бу адабиётшунос олимларимиз ва танқидчиларимиздан шеър ва унинг санъати ҳақида эътибор қаратишни талаб этади.

Баъзи бир қўшиқ куйлаш иштиёқидаги ёшлар минглаб одамлар олдида сўз масъулиятини унутган кўринади. Хонанда Тоҳир Усмоновнинг бир қўшиғи нақорати шундай:

«Диги, диги, диги,
Ёқади менга
Ёрнинг билак узуги…».

Бу билан йигитнинг ёрига эмас, унинг қўлидаги билакузугига ҳаваси нимага шамъа деб ўйлайсиз? Ботир Яминов ижросида янграган қўшиқдан:
«Ўйнасин мани гул ёрим,
Ўйнасин жоним,
Айлансин моҳитабоним,
Хиром айласин жоним».

Илмий тил билан айтганда тофтологияга берилган бу каби қўшиқчилар фақат мусиқага зўр бериб унинг асл моҳияти маъно-мазмунини унутиб қўйгандек.
«Серенада ижод» гуруҳи томонидан куйланган бир қўшиқда:
Нози, нози, нози,
Севгилимнинг нози,
Ўзини олиб қочади
Жуда нози-нози»дейилади

Шу ҳам шеърми? Оддий сўз деб қабул қилсангиз ҳам бунда маъно-мантиқ йўқ. Ваҳоланки, бу «қўшиқ» даражасида куйланмоқда.
Айтганча, ҳозир кўпчилик «замонавий қўшиқчи»лар қўшиқ бошида ё ўртасида ритм ва йўналишларини бирданига ўзгартириб, оддий сўзларни сўзлашмоқда. Масалан, «Манго» гуруҳининг» «Гулбадан» қўшиғи шундай сўзлар билан бошланади: «Хи-хи...асалим бу меҳмон кеп қопти деб бир пиёла чой ҳам бермадинг-а-а». Ўзбек адабий тилини бузиб, ўз шева ва савияси даражасида гапириши етмаганидек, яна номақбул сўзларни, киноя ва истеҳзоларни айтаётган ёш хонандаларга қандай баҳо бериш мумкин?

Киноя ва истеҳзо деганда, беихтиёр «Божалар» гуруҳи ёдимга тушди. Унинг сўнгги йиллардан яратган қўшиқларининг кўпи кулги, истеҳзога қаратилган. Ваҳоланки, кулги, истеҳзо ва кинояда ҳам мантиқ, мазмун бўлиши, ўзига хос тарбиявий аҳамият касб этиши лозим. «Божалар» гуруҳининг қўшиқларида бунинг аксини кўриш мумкин. Масалан, гуруҳ ижросидаги «Зулфия» қўшиқ матнларига эътибор беринг:
«Сен, сен, сеньорина
Сенга бўлай мен ёрина
Қора қошингга тушди кўзим
Ошиқ бўлдим о Зулфия.
Туфлигингни тақиллатиб
Чўнтагимни шақиллатиб
Кетиб қолдинг лақиллатиб
Ушлаб олсам о Зулфия...»
Бу каби мисоллар бугунги шоу-бизнес оламида кам эмас. Ачинарлиси, юқорида айтилган қўшиқларнинг баъзилари телевидение орқали намойиш этилади. Бундай хатти-ҳаракат маънавият қуёшига худди соябон тутгандек. Бошқача айтганда, ўсиб чиқаётган навниҳолни маънавият ва маърифат қуёшидан тўсиб қўйгандек гап. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида айтганларидек, «Агар инсоннинг қулоғи енгил-елпи, тумтароқ оҳангларга ўрганиб қолса, бора-бора унинг бадиий диди, мусиқа маданияти пасайиб кетиши, унинг маънавий оламини сохта тушунчалар эгаллаб олиши ҳам ҳеч гап эмас…»

Бўларкан-ку

Бизни ўйлантирадиган савол бор: нега кўпчилик эстрада хонандаларимиз классик ва замонавий ўзбек шеъриятининг энг намунали асарларидан фойдаланишни хуш кўрмайди? Менимча, ўша чин санъат даражасида кўтарилган шеърларни куйлаш учун, аввало, унинг маъно-моҳиятини тушуниш учун ҳам савия керак, билим керак. Бу борада Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ўзига хос янгилик яратди. Унинг Бобур ғазалларини эстрада йўналишида куйлаганини эшитиб, рости қувондим ва «Бўларкан-ку», деган хулосага келдим. Бу борада Ойбек Ҳамроқулов, Отабек Муҳаммадзоҳид, Оғабек Собиров, Зулайҳо Бойхоноваларнинг ҳам ижодий изланишлари ибрат олгулик даражасида.

Хуллас, муаммодан муддао, бугун ҳар бир хонанда сўз санъати ва масъулиятини билиши, куйлаётган қўшиғи қандай руҳий-маънавий озуқа беришини англаб етиши керак. Инсоннинг маънавий салоҳиятининг шаклланишида ўзидаги интилиш, билиш ва англаш баробарида теварак-атрофнинг муносабати, ахборот оқими ва таъсири жуда катта рол ўйнайди.
Баходир РАХМАНОВ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий